Хоразм вилоятида лицензиясиз такси хизмати кўрсатган ҳайдовчилардан 20 миллион 526 минг сўм жарима ундирилди, деб хабар бермоқда, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги «Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон қарорларининг ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Хоразм вилоятида 2014 йил ноябрь ойи мобайнида 15 та қўшма рейд текширувлари ўтказилди.
Ушбу рейдларда 101 та қонунбузарлик фактлар аниқланган бўлиб, шундан 55 тасида – лицензия талаблари ва шартларининг бузилганлиги, 46 тасида эса лицензиясиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари қайд этилди. Ғайриқонуний фаолият юритган ҳайдовчиларга суд органлари томонидан жами 20 миллион 526 минг сўм миқдорда жарималар қўлланилди.
Қўшма рейдлар чоғида йўловчилар ташишда фойдаланилаётган автобус ва микроавтобусларнинг техник ҳолати, белгиланган йўналиш ва жадваллар бўйича ҳаракатланиши ҳам назорат қилинди.
Аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, бу каби муаммоларга жамоатчилик эътиборини тортиш мақсадида рейдларга вилоят телевиденияси ҳам жалб қилиниб, автотранспортда йўловчи ташиш соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари ва бунинг оқибатлари «Авторейд» кўрсатувида намойиш этилди.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспори агентлиги Хоразм вилоят бўлими, вилоят ЙҲХБ ва ДСБ ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, бу ноқонуний ташиш фаолиятига қарши курашда самарали қўлланилмоқда.
Изоҳ (0)