Навоий шаҳрида ўқувчи қизга пичоқ билан таҳдид қилиб, унинг мобил телефонини олиб кетган жиноятчи қўлга олинди, деб хабар бермоқда «На посту» газетаси.
Қайд этилишича, 15 ёшли қиз қулоқчинда мусиқа тинглаб мобил телефонини қўлида ушлаган ҳолда мактабдан уйга қайтаётганда номаълум киши йўлдан чиқиб, унга пичоқ билан таҳдид қилган ва телефонни беришни талаб қилган. Қўрқиб кетган қиз дарҳол телефонни унинг қўлига тутқазгандан кейин ҳам зўравон бу ҳақда ҳеч кимга индамаслиги кераклигини айтиб таҳдид қилган.
Қиз уйга қайтгач, бўлган воқеани онасига айтиб берган, у эса турмуш ўртоғини чақирган. Қизнинг ота-онаси Навоий шаҳар ички ишлар органларига мурожаат қилган. Тез орада жиноятчи топилган, у Навоий шаҳрида яшовчи аввал судланган киши бўлиб чиқди. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳ (0)