Вазни 420 килограммга тенг британиялик Кит Мартин 45 ёшида зотилжамдан вафот этди. Бу одам ўз вақтида расман сайёрадаги энг семиз киши деб тан олинган эди, деб хабар беради «Кун» «Вести.ru» ахборотига таяниб.
Мартин жарроҳлик йўли билан ошқозонининг тўртдан уч қисмини олдиргандан сўнг, саккиз ой қийналиб яшаб, охири вафот этди.
Марҳумнинг вафотидан кўп ўтмай, уни операция қилган жарроҳ ҳукуматга ариза ёзиб, «фастфуд»га солиқ солишни сўради. Жарроҳнинг айтишича, беғам Мартин уйда ўтириб, гамбургер, чипс, пончик ва бошқа зарарли таомларни еб, ортиқча вазн тўплаган.
Мартин нонуштада олтита қовурилган тухум, тушликда пицца, Хитой ошхонаси таомлари, шашлик ва биг-маклар ерди. Ҳар куни олти пинта қаҳва ва икки литр газли ичимлик ичарди. Орада доим шоколад, печенье ва бошқа ширинликларни еб юрган.
«У ҳиссий муаммолари туфайли овқатдан таскин излаган ва ‘фастфуд’га жуда тез ўрганиб қолган. Ҳатто кит ҳам бир кунда бунча калория қабул қилмайди», — деди шифокор Кесава Маннур.
Мартиннинг вафотидан бироз олдинроқ, Британия телевидениеси у ҳақида 70 Stone & Almost Dead («420 килограмм ва деярли ўлган») деб номланган ҳужжатли фильм суратга олган эди.
Изоҳ (0)