Хоразм вилоятида сайёҳлик соҳаси, жумладан, ички туризмни изчил ривожлантириш, сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Вилоятда тарихий-маданий мерос объектларини қайта тиклаш, меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ишлари изчил давом этмоқда.
Хоразмнинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва гўзал табиатидан баҳраманд бўлиш истагида келаётган меҳмонларга 49 та сайёҳлик ташкилоти хизмат кўрсатмоқда. «Хива қоракўл» фермер хўжалиги қошида ташкил этилган янги сайёҳлик маркази шулардан биридир.
Мазкур марказга тегишли биноларда Хиванинг «Ичанқалъа» ва «Дишанқалъа»сидаги тарихий обидалар кўринишини акс эттиришга ҳаракат қилинган. Баландлиги 36 метр бўлган минора, миллий услубда безатилган ва барча қулайликларга эга ўтовлар хорижлик меҳмонлар қизиқишини оширмоқда.
«Хива қоракўл» фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Оллобергановнинг айтишича, бу ерда сайёҳларга туя ва отда Қизилқум чўли бўйлаб сайр қилиш, марказ ёнидаги кўл узра қайиқларда сузиш, балиқ овлаш, миллий таомлар, қўчқор ва хўроз уриштириш томошаси ва бошқа хизматлар таклиф этилмоқда.
Вилоятда туризмнинг ривожланиб бораётгани кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда. Мазкур марказда туризм соҳасининг турли мутахассисликлари бўйича маълумотга эга ўнлаб ёшлар иш билан таъминланган.
Изоҳ (0)