Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театри ташкил қилинганига 95 йил тўлди, деб хабар бермоқда «24.kg».
«1918 йилда қизиқчи ва масхарабозлардан иборат кичик гуруҳ сифатида ташкил қилинган муассаса 11 йил ичида европача драматик театрга айланди. Шу вақтдан буён театрда 600 дан ортиқ спектакл − шарқ адабиётининг буюк драматик поэмалари, антик трагедиялар, Шекспир асарлари, Айтматов прозаси, ҳозирги замон муаллифлари асарлари саҳналаштирилди», − деди Қирғизистон театр арбоблари иттифоқи президенти Жаниш Кулмамбетов.
Унинг сўзларига кўра, Бобур театри Қирғизистоннинг кўпмиллатли театр маданиятининг бир қисмига айланиб, умумўзбек бадиий дунёсининг саҳна эстетикаси ва театр анъаналари ташувчиси сифатидаги миллий ўзлигини йўқотмади.
«Ҳозирда ушбу театр жамоаси Республика театр ҳаётининг олд қаторларидан жой олган бўлиб, Алишер Навоий, Тимур Зулфиқоров, Чингиз Айтматов асарлари бўйича спектаклларни томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келмоқда ва саҳналаштириш учун Барзу Абдураззоқов, Хўжақули Овлақули сингари Марказий Осиёнинг истеъдодли режиссёрларини таклиф қилмоқда», − дея қўшимча қилди у.
Изоҳ (0)