Навоий вилояти Навбаҳор тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 9-сонли умумтаълим мактабига раҳбарлик қилаётган аёл ва шу билим даргоҳида фаолият юритувчи бош ҳисобчи ўзаро тил бириктириб, қинғир йўлга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» нашри хабар бермоқда.
Мактаб ўқитувчиларининг ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаати асосида мазкур муассасада текширув ўтказилди. Натижада турмуш ўртоғи билан ажрашгани учун алимент нафақасини тўлаши лозим бўлган бош ҳисобчининг мактаб директори билан тил бириктиргани маълум бўлди.
Қайд этилишича, улар ўз манфаатларини кўзлаб, 2013 йил ноябрь ойидан 2014 йил апрелига қадар мактаб жамоасининг 20 нафарга яқин аъзоси маошига ортиқча пул ёздириб, жами 11 миллион 450 минг сўм маблағни ўзлаштирган.
Бунда ўқитувчиларнинг маошига пуллар ҳужжатларни сохталаштириш орқали қўшиб ёзилиб, пластик карточкаларига туширилган. Карточкаларни қўлга киритган директор ва ҳисобчи «ортиқча пуллар»ни ечиб олган.
Бундан ташқари, мактаб махсус комиссиясининг моддий ёрдам тариқасида ажратилган пулларни тўлаб бериш ҳақидаги буйруғи чиқмасдан туриб, мактаб директори 935 минг 500 сўм пулни ўз карточкасига тушириб олган. Унга, шунингдек, 2014 йилнинг январь ойида меҳнат таътилида бўлишига қарамай, 1 миллион 101 минг сўм миқдоридаги маблағ ойлик маош сифатида ажратилган.
Яқинда нафси ўпқон бу кимсалар ўз жиноий қилмишлари учун судда жавоб беришга мажбур бўлди, дейилади нашрда.
Изоҳ (0)