Иқтисодий соҳада қидирувлар олиб борувчи Германиянинг Wifka бюроси Украинада ҳалокатга учраган «Боинг-777» самолётининг терговига ойдинлик киритишга ёрдам берадиган ахборот учун мукофот пули тўлашга тайёр. Бу ҳақда компания вакили, хусусий изқувар Йозеф Реш Capital интернет-нашрига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Wifka исми ошкор қилинмаётган шахсдан бу ноҳуш ҳодиса бўйича тергов олиб боришга буюртма олган. «Буюртмачи бу жиноят ортида ким тургани ҳақидаги ахборот учун аввалгидек 30 млн доллар, бу жиноят бўйича олиб борилаётган тергов ишига халақит бераётган ва уни босди-босди қилишга уринаётганлар ҳақидаги ахборот учун яна 17 млн доллар тўлаши ҳақида эълон қилди. Биз иккинчи Эдвард Сноуденни қидираяпмиз», − деди Реш. У 17 сони «MH17» рейс рақамидаги сонга тўғри келишига эътиборни қаратди.
Решнинг таъкидлашича, изқуварлар мингдан зиёд электрон хабарлар, ўнлаб хатлар, юзлаб телефон қўнғироқларини қабул қилган. «Бу маълумотларнинг 99 фоизини ташлаб юбориш мумкин. Қолганлари эса синчковлик билан ўрганиб чиқишга молик маълумотлардир. Бошида 10 кишининг ахбороти қизиқ кўринган эди, ҳозирда улардан беш нафари берган маълумот ўрганилмоқда», − деди изқувар.
Унинг сўзларига кўра, кўпгина манбалардан атайлаб ёлғон маълумотлар берилмоқда: кимдир самолёт украиналиклар томонидан, кимдир россияликлар томонидан, яна кимдир айирмачилар томонидан уриб туширилган деб, ҳақиқат ўрнига ёлғон ахборотни сотишга уринмоқда.
Мукофот пули Цюрих шаҳрида сақланмоқда. Изқуварлик агентлиги «тўлиқ махфийликни кафолатлайди» ва ахборот берувчиларга «юқори даражадаги хавфсизлик чораларини кўришлари»ни, масалан, адвокатлар орқали алоқа ўрнатишни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 17 июль куни Malaysia Airlines’нинг Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган «Боинг-777» лайнери Украинанинг Донецк вилоятида қулаган эди. Самолёт бортида бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)