Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи ака-ука оилали бўлса-да бирор касбни эгаллашни истамай, отасининг топган пулини еб ўтиришдан нарига ўтмади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Постда» нашри.
Кунларнинг бирида уларнинг уйига хорижда ишлайдиган қариндоши келиб, ака-укани чет элда бошлаган катта бизнесига кўмаклашишга олиб кетди.
Ака-укага хориждаги шаҳар марказида фаолият кўрсатаётган икки савдо мажмуасида молларни қабул қилиб, ҳисобни юритиш вазифаси юклатилди. Уларнинг қариндоши эса ушбу иншоотларни жиянларига бутунлай топшириб, ўзи бизнесни янада ривожлантириш йўлида тинмади.
Орадан вақт ўтиб, ака-укалар қариндошининг хориждаги маҳаллий бойлар каби қимматбаҳо автомобилларда юришига, оғир меҳнатга қўл урмаслигига, ҳамкорлари билан баъзан чет элда дам олиб қайтишига ҳасад қила бошлади. Олаётган 1000 долларлик маошига қаноат қилмаган ака-ука ўзаро дардлашиб, қариндошига савдо мажмуаларидан бирини уларнинг номига расмийлаштириб беришини айтди.
Ишонган жиянларидан бундай гапни эшитган тадбиркор уларга савдо мажмуасини бера олмаслигини, хоҳлашса, ишни шу тариқа давом эттиришларини, маош қаноатлантирмаётган бўлса, бошқа иш излашларини айтди.
Бундан жаҳли чиққан ака-ука ишда қолиб, бошқа режа асосида фаолият юрита бошлади: улар савдодан тушган пулларни, соф даромадни яшириб қўя бошлади. Икки ойдан сўнг, савдо мажмуаларини тафтиш қилган тадбиркор жиянларининг қилмишини фош этди. Шунга қарамай, у ака-укани бошқа бундай қилмаслик ҳақида огоҳлантириш билан чекланди. Бироқ жиянлар қариндошига хиёнат қилишда давом этаверди. Бундан ранжиган тадбиркор эса ака-укани ишдан бўшатишни лозим топди.
Уйга қайтишдан бошқа илож тополмаган ака-ука кетишдан аввал ўзларида қариндошининг уй калити борлигидан фойдаланиб, тадбиркорнинг пулларини ўмаришни мўлжаллади. Ака-ука уйга ҳеч ким йўқ вақтда кириб, сейфни синдирди ва 37 минг АҚШ долларини олиб, қочишга чоғланганида қариндоши келиб қолди. Эсанкираб қолган жиянлардан бири сейфни очишда фойдаланилган болта билан қариндошининг бошига урди. Тадбиркор қаттиқ зарбдан ҳушини йўқотиб, полга йиқилди. Кўп ўтмай унинг жони узилди.
Бундан саросимага тушган ака-ука қилмишини яшириш мақсадида жасадни қопга солиб, ярим тунда ўрмонга олиб бориб кўмди ва уйга қайтиб, изларни йўқотди. Ака-ука тонг ўтгач, ҳеч нарса бўлмагандай айланма йўллар орқали уйига қайтди.
Орадан анча вақт ўтиб, тадбиркорнинг жасади кўмилган ўрмон дарахтлари тозаланиб, у ерда бошлаб юборилган қурилиш ишлари вақтида бўлакларга бўлинган жасад топилди ва полицияга етказилди. Полиция кийимлардан топилган ўша давлат томонидан берилган паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаси орқали жасаднинг шахсини аниқлади.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳамда суриштирув ишлари давомида ака-укаларнинг қилмиши фош этилиб, суд уларнинг ҳар бирига нисбатан одилона ҳукм чиқарди, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)