Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрининг марказида ҳар йили ўтказиладиган «Қишки мўъжизалар мамлакати» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Daily Mail нашрига таяниб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
20 ноябрь куни Буюк Британияда Янги йил байрами муносабати билан ўтказиладиган асосий маданий тадбирлар доирасида муздан ясалган ҳайкаллар боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бундай турдаги боғлар ичида энг каттаси деб ҳисобланаётган мазкур дам олиш масканининг очилиш маросимида малика Беатрис фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
«Қишки мўъжизалар мамлакати» лойиҳаси устида 50 нафар ҳайкалтарош икки ҳафта давомида иш олиб борди.
Кўпчилик ҳайкаллар ҳарорати 10 даража совуқ бўлган гумбаз остида яратилди. Боғни барпо этиш учун Лондонга махсус келтирилган 250 тонна қор ва 100 тонна муздан фойдаланилди.
Муз мажмуаси ҳудудида кўплаб ҳайкаллардан ташқари муз бари, катта каток (учиш жойи) ҳамда бутун Европадан келган савдогарлар маҳсулотлари сотиладиган Рождество бозори жойлашган.
Изоҳ (0)