Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон матбуоти» IV Миллий форуми ўтказилиб, унда сенаторлар ва депутатлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, марказий ва ҳудудий босма ва интернет нашрлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, медиа соҳа экспертлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Форум Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари У. Муҳаммадиев, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Х. Мирзоҳидов, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А. Абдуллаев ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида миллий медиа соҳасини изчил равнақ топтириш, унинг жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатиши учун кенг кўламли имконият ва шароитларни яратиш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид тизимли ислоҳотлар амалий натижалар бераётганини таъкидлади.
Форумда нодавлат ОАВ фаолияти ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш — ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналиши, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, ахборот соҳасини либераллаштириш, Ўзбекистонда ОАВ фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий асосларини ривожлантириш — улар мустақиллиги ва эркинлигининг энг муҳим шарти каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди.
Изоҳ (0)