19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети 2014 йилнинг тўққиз ойида аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилганлиги таъкидланди.
Бу даврда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши 8,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларининг ўсиши 6,8 фоизни, чакана товар айланмасининг ўсиш суръатлари 14,2 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобот даврида профицит билан бажарилди.
Жорий йил бошидан буён амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 777,8 мингта янги иш ўрни, шу жумладан, қишлоқ жойларда 465 мингта иш ўрни ташкил этилди. «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишга катта эътибор қаратилиб, уни молиялаштиришга барча манбалардан 4,2 триллион сўм ва 200 миллион доллар маблағ йўналтирилди.
Изоҳ (0)