Европа иттифоқи ва Ўзбекистон 18 ноябрь куни Брюсселда Адлия, ички ишлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитанинг 11-мажлиси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича музокараларнинг саккизинчи даврасини ўтказди. Бу ҳақда ЕИ матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Музокараларда Ўзбекистон делегациясига адлия вазири Ниғматилла Йўлдошев, ЕИ делегациясига эса Ташқи ишлар бўйича Европа хизматининг инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича директори Сильвио Гонцата бошчилик қилди.
Музокарада инсон ҳуқуқлари бўйича қатор масалалар, жумладан ҳибсдаги шахсларга муносабат, сўз эркинлиги, аёллар ҳуқуқлари ва бирлашмалар эркинлиги ҳақида фикр алмашилди.
ЕИ Ўзбекистон томонидан болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш борасида амалга оширилган ишларни эътироф этди ва мамлакатни мажбурий меҳнат масалалари бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни давом эттиришга чақирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича «ЕИ — Ўзбекистон» музокарасининг кейинги давраси 2015 йилда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)