Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг декабрь ойида Тошкентга ташриф буюришни режалаштирган. Бу ҳақда Путин Кремлда бўлиб ўтган хорижий давлатлар элчиларига ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Ушбу маросимда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги янги тайинланган элчиси Акмал Камолов ҳам Владимир Путинга ишонч ёрлиғини топшириши ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
«Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан декабрда Тошкентга ташриф буюришни режалаштиряпман. Ушбу ташриф икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликни мустаҳкамлашга замин яратиши шубҳасиз», − деди Путин.
Шунингдек, Россия Президенти бу йил Россия ва Ўзбекистон ўртасида Стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартноманинг имзоланганига ўн йил тўлганини таъкидлади. «Бу давр мобайнида икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида жиддий натижаларга эришилди», − деди Путин.
Изоҳ (0)