Тошкентда «Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича энг фаол ўринбосари» республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мазкур танлов Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот, Миллий ғоя ва мафкура, «Оила» илмий-амалий марказлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистонда илк марта ўтказилган «Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича энг фаол ўринбосари» республика кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад таълим соҳаси фидойилари орасидан энг илғор, ташаббускор, изланувчан, ишга ижодий ёндашувчи ходимларни аниқлаш, уларнинг ибратли иш тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.
Танловнинг вилоят босқичлари ғолиблари мактабда маънавий-маърифий ишларни самарали йўлга қўйишга йўналтирилган «Менинг ғоям» мавзусидаги концептуал лойиҳа тақдимоти, маънавий-ахлоқий тарбия жараёнида мураккаб вазиятларни тез ва оқилона ҳал этиш, интеллектуал билим ва салоҳият, ахборот-коммуниксия технологияларидан самарали фойдаланиш каби йўналишлар бўйича ўзаро куч синашди.
Танлов ғолиб ва совриндорлари тадбир ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)