2014 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистонда парвозлар баландлигини ҳисоблашнинг ягона умумжаҳон тизими QNH’га ўтилди, деб хабар бермоқда UzReport.
Ўзбекистон само ҳудудидаги парвоз қоидаларини тубдан ўзгартириш тўғрисидаги қарорга 2013 йил охирида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспексияси ҳамда Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан келинган. Бунга Boeing ва Airbus каби етакчи ишлаб чиқарувчилар самолётларидан тобора кўпроқ фойдаланилаётгани туфайли аввалги қоидаларнинг эскиргани сабаб бўлган.
QNH тизимига ўтиш билан парвозлар баландлигини ҳисоблаш усули ўзгарди. Бунгача Ўзбекистонда парвозлар баландлиги аэродром сатҳига қараб олинар эди. Бироқ ҳар бир аэропортнинг жойлашув шароитлари ҳар хил бўлгани боис жаҳон авиациясида денгиз сатҳига нисбатан баландлик олинади. Ўзбекистонда ҳам айнан шу тизимга ўтилди.
Изоҳ (0)