Япониялик биологлар териси тўла рангсиз, ички органлари кўриниб турувчи лаборатория сичқонларини ўстиришга муваффақ бўлди. Бироқ олимлар томонидан қўлланилган усул тажриба учун танланган кемирувчиларнинг ўлимига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Тадқиқот RIKEN илмий-тадқиқот институти, Токио университети ҳамда Япония фан ва технология агентлиги олимлари томонидан биргаликда ўтказилди. Ундан кўзланган асосий мақсад сичқонлар организмидаги қонга қизил ранг бериб, кўплаб тўқималарда сақланиб қолувчи гема мажмуавий бирлашмаларни олиб ташлаш эди.
Тадқиқот давомида сичқонлардаги қон махсус суюқлик билан алмаштирилиб, танага гемаларни йўқотувчи реагент юборилди. «Биз ўзимиз ҳам сичқонлар танаси бутунлай рангсиз тусга кириб қолганидан ҳайрон бўлдик», — деди олимлар.
Қайд этилишича, тананинг рангсиз бўлиб қолгани ҳайвонлар анатомияси ва айрим касалликлар ривожланишини ўрганишга анча ёрдам беради. Олимлар ҳозирда сичқонлар ҳаётини сақлаган ҳолда уларнинг танасини рангсиз ҳолатга келтириш йўлини изламоқда.
Изоҳ (0)