9 ноябрь куни Германиянинг Бремен шаҳрида каратэ бўйича 22-жаҳон чемпионати якунланди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
1970 йилдан бери ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб келинаётган бу йилги жаҳон чемпионатида 116 давлатдан энг сара татами усталари ката ва кумите баҳсларида медаллар жамланмаси учун баҳс олиб борди. Улар сафида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этди. Қайд этиш жоиз, шу кунгача ўтказилган жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари совриндорлар сафидан жой ола билмаган. Бременда ҳам ушбу нохуш анъана давом этди.
Қуйида Ўзбекистон терма жамоасининг Бремен татамиларида кўрсатган натижалари билан танишишингиз мумкин:
55 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги кумите баҳсларида иштирок этган Дилноза Бакирова илк даврадаёқ англиялик Сиобхан Хаэсга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
61 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Барно Мирзаева нисбатан муваффақиятли иштирок этди. 17-Осиё ўйинлари совриндори иккита баҳсда ғалаба қозонди. У аввалига грециялик Василики Караплиангуни 5:0 ҳисобида енгди, кейин эса сербиялик Сания Коркотадан устун келди. Аммо учинчи беллашувида германиялик Сильвия Спернерга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Спернер эса финалгача мағлубиятсиз етиб бориб, кумуш медаль билан тақдирланди.
68 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Замира Алиева илк даврадаёқ ўз иштирокини тўхтатди. Замира Доминикан Республикаси вакили Кармен Харриганга 0:9 ҳисобида енгилди.
+68 килограмм вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда иштирок этган Ҳилола Бадалова АҚШ вакиласи Майя Васовичга кичик 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўғил болалар ўртасидаги 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида ўтказилган кумите баҳсларида Ўзбекистон шарафини Сардор Файзуллаев ҳимоя қилди. У илк даврада уэльслик Люк Ричардсни 3:1 ҳисобида енгди. Лекин иккинчи босқичда япониялик Шинтаро Арагага худди шу ҳисоб билан мағлуб бўлди.
67 килограммгача бўлган вазн тоифасида баҳсларда татамига чиққан Муҳаммадзоҳид Иминов анча муваффақиятли иштирок этди. У иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлади ва доминиканлик Дейвис Феррерасни 5:2 ҳисобида енгди. Кейин австриялик Стефан Покорнидан 4:3 ҳисобида устун келди. Муҳаммадзоҳид тенг курашлар остида кечган баҳсда қатарлик Қосим Ғавиделга имкониятни бой берди. Ҳисоб 2:2 бўлса-да, ҳакамлар қарори билан кейинги босқичга Қосим йўл олди.
75 килограммгача бўлган вазн тоифасида татамига чиққан Ғофуржон Зоҳидов энг яхши натижа қайд этган Ўзбекистон каратэчиларидан бири бўлди. 17-Осиё ўйинлари бронза медаль совриндори учта баҳсда ғалаба қозонди. Аммо тўртинчисида жазоирлик спортчига 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди.
84 килограммгача бўлган вазнда Ўзбекистон номидан Шаҳбоз Ахатов иштирок этди. Шаҳбоз илк баҳсидаёқ Илья Никулинга ютқазиб, мухлислар қаторидан жой олди.
+84 килограмм вазн тоифасидаги каратэчилар баҳсида Рустам Ашуров татамига чиқди. Лекин у ҳам илк даврадаёқ мағлубият аламини тотиб кўрди. Ашуров қувайтлик Рашид Алмутайрига йўлни бўшатиб берди.
Жамоавий ката баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иштирок этмади. Жамоавий кумитеда эса Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари илк босқичдаёқ чилилик ҳамкасбларига имкониятни бой берди. Гарчи 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса-да, қўшимча кўрсаткичларга кўра кейинги босқичга Ўзбекистон эмас, чилилик каратэчилар йўл олди.
Изоҳ (0)