Нидерландиянинг LT Textile Cooperatief U.A. компанияси Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида замонавий тўқимачилик корхонаси фаолиятини йўлга қўяди, деб хабар бермоқда UzDaily.
Бу ҳақдаги Ўзбекистон ҳукумати қарори 2014 йил 31 октябрь куни қабул қилинган. Шунингдек, 17 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда LT Textile Cooperatief U.A. компанияси ўртасида имзоланган инвестиция шартномаси ҳам маъқулланган.
Шартномага биноан, ишлаб чиқариш Қарши туманидаги 30 гектарлик ҳудудда ташкил этилади. LT Textile Cooperatief U.A. 2015−2016 йилларда камида 55 миллион долларлик инвестиция киритиш мажбуриятини олган. Жумладан, камида 17 миллион доллар компаниянинг ўз маблағлари, камида 38 миллион доллар Ўзбекистон ҳукумати кафолатлари тақдим этилмаган ҳолда хорижий банклар кредитлари ҳисобидан киритилиши лозим.
Ишлаб чиқариш 2016 йил ноябрь ойидан бошланиши кўзда тутилган. 2017 йил биринчи чорагидан эса 20 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш ва 15 минг тонна ип газлама ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. LT Textile Cooperatief U.A. чиқарилган маҳсулотнинг 80 фоизини экспорт қилмоқчи. Ишлаб чиқаришда 700 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
2017−2018 йилларда Нидерландия компанияси ишлаб чиқаришга ўз маблағларидан 5 миллион доллар жалб қилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ҳукумати LT Textile Cooperatief U.A. компаниясига 2022 йил 1 январгача қатор имтиёзлар тақдим этди.
Изоҳ (0)