Тошкент шаҳрида жойлашган Воҳидов номидаги Республика хирургия ихтисослаштирилган маркази туғма юрак хасталиклари бўлими шифокорлари томонидан 13 ёшли Собитхон Раҳимовда одамларда кам учрайдиган касаллик аниқланди. Бу ҳақда Uzbekistan Today агентлиги хабар бермоқда.
Собитхон Раҳимовни Тошкентга унинг ота-онаси Наманган вилояти кардиология маркази шифокорлари йўлланмаси билан олиб келди. Болада юрак нуқсони ҳақидаги ташхис анча вақт олдин қўйилган бўлса-да, у операция қилинмай, Воҳидов номидаги Республика хирургия ихтисослаштирилган марказига жўнатилган эди.
Марказ шифокорлари болани эхокардиография ва мультиспирал компьютер томографияси учун мўлжалланган янги қурилмаларда текшириш орқали унда йирик қон томири — аорта аномалиясининг камёб шакли борлигини аниқлади. Юракдан чиққан қон бошқа органларга мазкур томир орқали тарқалади.
Бундан ташқари, аорта юқори қисмда иккига ажралиб, трахея ва қизилўнгач атрофида тугун ҳосил қилган.
Боланинг ҳаётига яна бир нуқсон — аорта аневризми (томир деворининг чўзилиши ва бўртиб чиқиши натижасида қон томирнинг чегараланган кенгайиши) хавф солаётган эди. Бу нафақат бутун организм фаолияти ва нормал қон айланишига тўсқинлик қиларди, балки томирнинг исталган пайтда ёрилиб кетиши ва ҳаёт учун хавфли бўлган ички қон кетишига олиб келиши мумкин эди. Шу боис бемор операция қилиниши ҳақида қарор қабул қилинди.
Юқори технология ёрдамида амалга оширилган операция олти соат давом этди. Бу вақт мобайнида беморнинг тана ҳарорати 18—20 даражагача пасайтирилди. Унинг юрак уриши бир ярим соатга тўхтатилиб, бемор 100 дақиқа мобайнида шу ҳолатда ушлаб турилди. Бунда фақатгина бош миянинг қон билан таъминланиши сунъий йўл билан амалга оширилди.
Операция муваффақиятли ўтди. Бемор операциядан кейинги иккинчи суткадаёқ реанимация бўлимидан оддий палатага ўтказилди. Учинчи кундан юра бошлаган Собитхон ҳозирда шифохонадан чиқишга тайёрланмоқда.
Изоҳ (0)