Наманган вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли 26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Сен ёлғиз эмассан» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси юзасидан ўтказилаётган саломатлик ҳафталигида республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали, вилоят эндокринология диспансери, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг малакали мутахассисларидан иборат шифокорлар гуруҳи тарбияланувчилар саломатлиги бўйича кенг қамровли ташхислаш ва даволашга тавсия қилиш тадбирларини амалга оширди.
Касаллик аниқланган тарбияланувчиларга Чортоқ болалар сиҳатгоҳида ҳам ўқиб, ҳам даволанишга йўлланма берилди. Декабрь ойида мазкур сиҳатгоҳга яна 14 нафар ўғил-қиз соғломлаштиришга юборилади. Тиббий кўрик давомида тарбияланувчилар грипп касаллигига қарши тўлиқ эмланди.
«Тиббий кўрикда бемор деб топилган болалар учун соғломлаштириш дастури ишлаб чиқилган. Улар Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан диспансер ҳисобига олинди. Соғломлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Уларни амбулатор-поликлиника сиҳатгоҳларида ва зарурат туғилганда стационар шароитда даволаш учун етарли шароит яратилган», – деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилфуза Болтабоева.
Изоҳ (0)