Тошкентга бирор-бир иш топиш умидида келган Ҳамида Шоимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эски таниши Собирнинг тузоғига илиниб, Москвада фоҳишалик қилишга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда Uz24.uz.
Ҳамида пойтахтга иш излаб келган кунларнинг бирида борадиган жойи бўлмаганлиги учун эски таниши Собирга қўнғироқ қилиб, тунаб қолишда ёрдам беришини илтимос қилди. Собир ўзи ўқийдиган институтнинг талабалар ётоқхонасига таклиф этди. Хонадошлари қиз болани бу ерга олиб кириб бўлмаслиги, агар биров билиб қолса, ётоқхона тугул ўқишдан ҳам ҳайдаб юборишлари мумкинлигини айтди.
Аксига олиб, қизлар ётоқхонасидан ҳам бўш жой топишнинг имкони бўлмади. Шу тариқа Ҳамида тунни ўғил болалар хонасида ўтказишга мажбур бўлди. Эрталаб ўқишга отланган йигитлар унга ҳеч қаерга чиқмасликни тайинлаб, устидан қулфлаб кетди.
Шундан буён Ҳамида эски таниши Собирнинг талаба дўстлари билан жуда яхши чиқишиб қолди. Бу орада иш излаб юрганини айтиб, улардан ёрдам сўради. Бу гапни эшитган Собирнинг дўсти Илҳом уни Москвага саёҳатга таклиф қилди. «Саёҳат», билет, йўлкира текинлигини эшитган Ҳамида розилик билдиради.
Москвада Ҳамидани Илҳомнинг «акаси» ва «келинойиси» кутиб олди. Унинг поезддан тушиши билан «саёҳатнинг бошланиши чакки эмас», деган гапига жавобан «келинойи»нинг «Қанақа саёҳат, бу ерга ишлагани, одамларнинг кўнглини олгани келдинг», деган гапи барча нарсага ойдинлик киритиб қўйди. Шу тариқа Ҳамидани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилишди.
2012 йилнинг декабрь ойи охирларида қулай пайтдан фойдаланган Ҳамида у ердан қочишга муваффақ бўлди ва бўлиб ўтган ҳолат ҳақида Москва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берди.
Тошкентга қайтиб келганидан кейин эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилди. Суд тўртовлоннинг қилмишини атрофлича ўрганиб, Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «г» бандини қўллаб, уларга турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» нашри хабар қилади.
Изоҳ (0)