Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларини бирлаштирувчи янги кўприк тирбандликни сезиларли даражада камайтириши кўзда тутилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Асомиддин Тожиев маълум қилди, деб хабар бермоқда «Народное слово» газетаси.
Ҳисоб-китобларга кўра, Себзор ва Қодирий кўчалари кесишган ушбу ҳудуддан тиғиз вақтда 15 минггача автомобиль ўтади. 900 метрга чўзиладиган янги кўприк эса иккала кўча бир-бири билан кесишмаслиги имконини беради. Эстакада устидаги йўл олти полосали бўлиб, ўртасидан бўлувчи чизиқ ўтказилади ва ёритиш устунлари ўрнатилади.
Шунингдек, Себзор кўчасида пиёдалар учун иккита ерости йўлаги қурилади. Эстакаданинг икки тарафида пиёдалар учун иккита кўприк ҳам қурилиб, улар эскалаторлар билан таъминланади. Бундан ташқари, яшил зоналар ва фавворалар қурилиши ҳам режалаштирилган.
Изоҳ (0)