Кофе билан заҳарланган бир неча аёл Дилшода Нормўминова устидан тегишли идораларга шикоят аризаси билан мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
Бир аёл поликлиникада шифокорни кутиб ўтирганида, Дилшода унинг ёнига келиб қуюқ саломлашди ва ўзининг кўрпалар тикиб қавишини айтди. Шифокорни кутаётган аёл уйида бироз пахта борлиги, уни кўрпага солиб қавитиши кераклигини айтиб, Дилшодага уй манзилини берди. Шифокордан чиқиб уйига қайтган аёл хонадонига кўп ўтмай Дилшода ҳам келди. У уй бекаси таклиф қилган чой ўрнига ўзи билан олиб келган кофе ичишини, у жуда фойдали эканлигини таъкидлаб, аёлга ҳам ичирди. Дилшода бироздан сўнг ҳушидан кетган аёлнинг қўлидаги никоҳ узуги, қулоғидаги тилла зираги, чўнтагидаги 300 доллар ва 30 минг сўмини олиб, уйни тарк этди. Хонадон соҳибаси эса уч кундан сўнг шифохонада ўзига келди.
Янги бозор қўрғонидаги гўшт дўкони олдида жиянини кутавериб чарчаган Рашида чой ичиш учун шу ердаги ошхонага киришга қарор қилади. Шу пайт Дилшода келиб, ошхонада эркаклар кўплиги боис ёлғиз овқатланиш ноқулай бўлганини айтади ва бирга ўтиришни таклиф қилади. Рашида рози бўлиб, бир стол атрофида жойлашгач, Дилшода чойнакда қайнаган сув олиб келиб, кофе дамлайди ва уни мақтаб Рашидага ичиради. Маккор аёл кофе таъсирида ҳушини йўқотган Рашиданинг тилла зираги, уяли телефони, сумкадаги паспорти, гувоҳномаси, пенсия дафтарчаси, уйининг калитларини олиб, жуфтакни ростлади. Рашида бир неча кундан сўнг ўзига келди.
Дўконда савдо қилаётган аёл олдига келган Дилшода ўғлига қиз излаб юрганини айтиб, сотувчининг айни дамда Тошкентда бўлган қизининг расмини сўрайди. Уйига бориб, қизининг суратини кўрсатган содда аёл Дилшода таклиф қилган кофе таъсирида ҳушидан кетади ва ётоқхонада турган тилла занжири ҳамда тақинчоқларидан айрилади. Сотувчи аёл уч кун ўтиб, Паркент тумани марказий шифохонасида кўзини очади.
Кекса аёлнинг хонадонига унинг маҳалласидаги «қизни суриштириб келган» Дилшода уй бекасига ҳам кофе ичирди ва хонадон келинининг ошхонага кириб кетганидан фойдаланиб, кекса аёл чўнтагидаги 50 минг сўм билан кифояланди.
Тошкентдаги «Бек-барака» бозорига отланган қайнона-келин таксида Дилшода билан бирга келди. «Отчопар» бозори яқинида тушгач, Дилшода неваралари чой ичирмаганини баҳона қилиб, уларни ошхонага киришга кўндирди ва шўрва буюрди. Дилшода кўп ўтмай туриб, шўрваларни ўзи «тайёрлаб олиб келди». Таомдан заҳарланган қайнона-келин 200 минг сўм пули, уяли телефони ва тилла тақинчоқларидан айрилиб, беш-олти кундан сўнг шифохонада ўзига келди.
Тегишли идоралар томонидан кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида маккора ушланиб, унинг қилмишларига чек қўйилди. Маълум бўлишича, у жабрланувчиларнинг кофе ва овқатларига психотроп таблеткасини қўшиб қўйган.
Изоҳ (0)