2012—2016 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури ижроси доирасида ўтган даврда сервис инфратузилмасини ташкил этиш ва ривожлантириш учун «Микрокредитбанк»нинг 33 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи йўналтирилди. Умуман, жорий йил бошидан буён сервис хизматларини кўрсатиш бўйича 10 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Масалан, 2013—2020 йилларда телекоммуникация технологияларини, алоқа тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг тўққиз ойида замонавий технология асосида кенг миқёсда фойдаланиш учун 650 километрдан ортиқ оптик толали тармоқлар бунёд этилди ва захира қилиб қўйилди. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқилган 75 мингдан зиёд таълим-ахборот ресурслари ZiyoNET электрон портали кутубхонасида жойлаштирилди. Рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш доирасида аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 45 фоизга етказилди.
Мобил алоқа ва интернет хизматларидан фойдаланаётган абонентлар сонининг кўпайиши, ахборот-коммуникация технологиялари негизида янги хизмат турларининг жорий этилиши ва ривожлантирилиши, шунингдек, АЦни рақамлаштириш даражасининг ошгани натижасида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 23,7 фоиз, компьютерда дастурлаш хизматлари 20,6 фоиз ўсди.
Микро ва истеъмол кредитлашни ривожлантириш, замонавий халқаро стандарт ва технологиялардан фойдаланган ҳолда тўлов тизимини такомиллаштириш, шунингдек, молиявий инфратузилма институтларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар молия хизматлари ҳажмини 33,6 фоиз ошириш имконини берди.
Чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 5,1 мингга яқин янги лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тегишли хизматларнинг 16,6 фоиз кўпайишига ёрдам берди. Маиший хизмат кўрсатиш соҳасида 3,1 мингдан зиёд лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида маиший хизматлар ҳажми 20 фоизга ошди.
Умуман, хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг замонавий хизмат турларидан фойдаланишини кенгайтиришга доир кўрилган чора-тадбирлар туфайли мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 50,1 фоизга етди (2013 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 49,9 фоиз бўлган).
Изоҳ (0)