Тошкентда истеъмол қилинган газни ҳисоблайдиган янги электрон ускуналар синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистонда ресурс тежайдиган замонавий газ ускуналари ва ҳисоблагичларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, дейилади хабарда. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралда қабул қилинган «Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига замонавий ҳисобга олиш ускуналарини ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш дастури тўғрисида»ги қарори бу борада амалга оширилаётган ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни пайтда хусусий абонентларнинг 80 фоизи ва юридик шахсларнинг 100 фоизига замонавий газ ҳисоблагич асбоблари ўрнатилган. Янги технологиялар фойдаланилган газ миқдорини аниқ белгилаш, ишлатилган «зангори олов» учун тўловларни флешкарт ёрдамида олдиндан амалга ошириш имконини беради.
Мутахассисларнинг фикрича, замонавий газ ўлчагичларнинг жорий этилиши кўплаб муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади. Улар ишончлилиги ва узоқ муддат фойдаланишга мўлжаллангани билан ажралиб туради. Ускуналарда ҳарорат ва босимни автоматик тарзда мослаштириш тизими ўрнатилгани туфайли «зангори олов»дан фойдаланишни аниқ ҳисоблаш имконияти мавжуд.
Янги газ ўлчагич ускуналари нафақат кўрсаткичларни реал вақт режимида махсус серверга жўнатади, балки масофадан туриб ҳам бошқарилади. Бу қарздорларни газ таъминоти тизимидан автоматик равишда узиб қўйиш имконини беради. Бундан ташқари, янги ҳисоблагичлар кўп даражали ҳимояланиш тизимига ҳам эга.
Изоҳ (0)