Чехия радиосининг тўғридан-тўғри эфирида сўкинган ва Россия раҳбари Владимир Путинни мақтаган мамлакат президенти Милош Земан кескин танқидларга учради, деб хабар бермоқда «Европейская Правда».
Собиқ СССР армияси томонидан Чехословакиянинг босиб олинишига қарши чиққан совет қочқинлари мавзусидан Земан Ғарб жамиятида Путиннинг танқид қилиниши масаласига ўтиб кетган. У Путинни совет раҳбарлари билан тенглаштириш адолатдан эмаслигини айтиб, ҳозирги Россиядаги сиёсий маҳбусларнинг аксарияти бу ном билан аталишга лойиқ эмаслигини таъкидлаган. Земаннинг фикрича, Путиннинг бу масаласидаги ягона хатоси фақат Ходорковскийни қамаб, бошқа олигархларни қолдирганидир.Шундан кейин Чехия президенти Pussy Riot гуруҳини танқид қилишга ўтиб, айнан шу жойда сўкиниш сўзларини ишлатган. Жумладан, «pussy» сўзининг таржимасини номақбул сўзлар билан ифодалаган. Шунингдек, у жинсий алоқа ва нажас маъносидаги сўкиниш сўзларини ишлатган.
Президентнинг бундай сўзлари Чехия Бош вазири Богуслав Соботка, собиқ ташқи ишлар вазири Карл Шварсенберг ва собиқ молия вазири Мирослав Калоусек каби сиёсатчилар томонидан кескин танқидга учраган. Улар Земанни ёшларга ёмон ўрнак бўлиш, аёлларни ерга уриш, Чехия ҳукумати обрўсини тўкишда айблаган.
Изоҳ (0)