Қашқадарё вилояти Косон тумани «Сурхон» МФЙда яшовчи шахс учун бобоси қолдирган «мерос» анчагина оворагарчиликка сабаб бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» нашри.
Косонлик шахс ов қуролини тегишли рухсатномасиз уйда сақлаш қонунга зид эканлигини билса-да, 1999 йилда уни уйига олиб келиб, яшириб қўяди. Вақти келиб, унинг «сири» фош этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва холислар томонидан унинг уйи кўздан кечирилганда, 1961 йилда «Ижевск» қурол-аслаҳа заводида ишлаб чиқарилган, ИЖ-16 русумли отишга яроқли ов қуроли топилди.
Гарчи косонлик мазкур қуролдан бирор марта фойдаланмаган бўлса-да, уни уйида яширин равишда сақлаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этди.
Мазкур моддага кўра, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Суд мазкур ишни атрофлича муҳокама этиб, косонлик шахсга жазо сифатида энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима тайинлади.
Изоҳ (0)