«ЛФC…» қўшма корхонасига қарашли, пойтахтимизнинг Чилонзор тумани, Юқори Дархон кўчасида жойлашган «ПЕТ» капсула ишлаб чиқариш тармоғида қонун бузлиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди «Биржа» газетаси.
Солиқ департаменти ходимлари ўтказган навбатдаги текшириш жараёнида ушбу шохобчанинг омбор мудири Карим Ҳалимов (исм-шарифи ўзгартирилган) маҳсулотлар сотувидан тушган, лекин тегишли тартибда назорат-касса машинасидан ўтказилмаган 6 миллион 936 минг сўм миқдоридаги маблағни ўз хизмат хонасида сақлаб келаётгани фош этилди.
Бундан ташқари, шохобчада яширинча тўлдирилган иккиламчи бухгалтерия дафтари топилди. Уни синчиклаб ўрганиш натижасида жами 56 миллион 801 минг 355 сўм ҳамда ўзбек пулида ёзилиб, АҚШ валютасига айлантирилган 26 минг 345 доллар миқдоридаги маблағ банк муассасасига инкассация қилинмай, зимдан ўзлаштириб юборилгани, бирон-бир ҳужжатсиз ишга қабул қилинган беш нафар ходимга 39 миллион 400 минг сўм пул «конверт» усулидаги маош сифатида тарқатилгани бирин-сирин юзага қалқиб чиқди. Охир-оқибат жиғилдони ўпқонга айланган жиноятчилар тегишли тартибда жазога тортилдилар.
Изоҳ (0)