«Пахтакор» − «Бухоро» учрашувидан кейин «Пахтакор» менежери чемпионлик ўйини ва мавсум тўғрисида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Самвел Бабаяннинг фикрлари клуб расмий сайтида келтирилган.
«Иккинчи бўлим бошида йигитларда озгина хотиржамлик сезилди ва уларга аввалгидек суръатда ўйнаш лозимлигини айтдим. Улар буни уддалади ҳамда мухлисларни чиройли футбол билан хурсанд этдик. Йил давомида олиб борган меҳнатимиз самара берди. Бунинг учун бутун жамоа биргаликда меҳнат қилди.
Бизга бир-бирининг ўрнини босадиган ўйинчилар борлиги қўл келди. Ҳали мавсум тугамади. «Сўғдиёна» ва «Бунёдкор»га қарши беллашувларда ҳам ишқибозларга маъқул келадиган ўйин намойиш этишга интиламиз.
Мен учун ҳар бир ўйин энг муҳим. Чемпионатни Андижонда бошладик. Ўшанда мени футболчиларнинг расмий ўйинда қандай футбол кўрсатиши ўйлантираётганди. Ўша беллашувда йигитлар кўрсатмаларимга амал қилиб, мен истаган ўйинни намойиш қилаётганини кўрдим. Шу сабабли ҳар бир беллашув катта аҳамиятга эга бўлди. Эндиги мақсадимиз Осиё Чемпионлар лигасида финалга етиб бориш. Шунга яраша рақобатбардош жамоа тузишга уринамиз. Ўйиндан кейин футболчиларга ҳам шуни таъкидладик.
Биз молиявий тарафдан энг яхши имкониятларга эга эмасмиз. Олий лигада бу борада 5−6-ўринлардаги жамоамиз. Шу сабабли бюджетимизнинг маълум қисмини ўзимиз ишлаб топишга интиламиз. Футболчиларга эса маош ва мукофот пулларини вақтида тўлаб боряпмиз. Ҳеч қачон ўйинчиларга олдиндан бирор нарса учун ваъда бермаймиз. Клуб ва жамоада барча ўз ишини профессионалларга хос, масуълиятни ҳис этган ҳолда бажаради», − деди Бабаян.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни «Бухоро»га қарши ўйинда ғалабага эришган «Пахтакор» Ўзбекистоннинг 10 карра чемпионига айланди.
Изоҳ (0)