Россиялик таниқли хонанда Юлия Савичева ўзининг биринчи муҳаббати — бастакор Александр Аршинов билан турмуш қурди, дея хабар бермоқда Segodnya.ua.
Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг дабдабали никоҳ маросими 240 миллион рубль (тахминан 5 миллион 600 минг доллар)га тушган.
Тўйга Россия шоу-бизнесининг таниқли вакиллари, жумладан Иосиф Кобзон, Наташа Королёва, Анфиса Чехова ва бошқалар ҳам ташриф буюрган. Меҳмонлар сони 400 дан ошган.
Анъанага мувофиқ, ташриф буюрганлар келин-куёвга ўзларининг қимматбаҳо ва ноодатий совғаларини тортиқ қилди, бироқ энг серҳашам ҳадя қўшиқчининг продюсери Максим Фадеев томонидан берилди. Тўйга ўзи кела олмаган бўлса-да, Фадеев келин-куёвларга ўз совғасини — Бали оролидаги вилла калитини юборди.
Нашрнинг эслатишича, бир неча йил аввал продюсер оролда бассейн, хусусий пляж ва бир нечта виллани ўз ичига олган меҳмонхона мажмуасини сотиб олган эди. Улардан бири энди Юлия Савичевага тегишли бўлди.
Изоҳ (0)