2014 йилнинг 8—16 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур жаҳон чемпионатида 75 давлатдан 683 нафар (404 нафар эркак, 279 нафар хотин-қиз) спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Бу йилги жаҳон чемпионатида дунёнинг бугунги кундаги энг етакчи атлетлари аниқланиши билан бирга, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун дастлабки рейтинг очколар ҳам ўйналади.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Адҳам Эргашев (-56 кг), Достон Ёқубов (-69 кг), Муҳаммад Бегалиев (-85 кг), Улуғбек Алимов (-85 кг), Сардор Дўстмуродов (-105 кг), Руслан Нурудинов (-105 кг) ва Иван Евремов (+105 кг) эркаклар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда, Маҳлиё Тоғаева (-48 кг), Лола Қодирова (-48 кг), Марина Сисоева (-53 кг), Фарангиз Шомуродова (-58 кг) ҳамда Манзура Мамасолиева (-69 кг) хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларда ҳимоя қилади.
Маълумот учун, олимпиада ўйинлари йўлланмалари 2014 йил Олма-Ота ва 2015 йил Хьюстон (АҚШ) шаҳарларида ўтказиладиган жаҳон чемпионатларида қўлга киритилган рейтинг очколар жамланмасига кўра терма жамоаларга берилади.
Жумладан, икки жаҳон чемпионати якунларига кўра умумжамоа ҳисобида 1—6-ўринни эгаллаган терма жамоаларга олтита йўлланма, 7—12-ўринларни банд этган жамоаларга бешта йўлланма, 19—24-ўринларни эгаллаган термаларга учта йўлланма берилади. Йўлланмалар эркаклар ва аёллар терма жамоалари учун алоҳида-алоҳида ўйналади.
Бундан ташқари, 2016 йил Тошкентда ўтказиладиган Осиё чемпионатида ҳам Олимпиада ўйинларининг лицензиялари ўйналади. Мазкур мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган (эркаклар — аёллар) терма жамоаларга биттадан йўлланма берилади.
Изоҳ (0)