21 октябрь куни жорий йилнинг тўққиз ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мажлисда муҳим устувор вазифа сифатида Инвестиция дастури бажарилишини ва 2014 йилда назарда тутилган ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш юзасидан фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар 10,7 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 22,3 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги алоҳида таъкидланди. 2715 та янги ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди, юқори технологик ва замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича 105 та муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тугалланди.
Жумладан, 700 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш», ишлаб чиқаришни 716 минг тоннагача кўпайтирган ҳолда «Фосфорит хомашёсини бойитиш бўйича мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш», Хоразм вилоятида 80 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Енгил автомобилларнинг Damas ва Orlando моделларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» сингари лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича қарийб 720 миллиард сўм ўзлаштирилди.
Ушбу масалани муҳокама қилишда айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги йўл қўйилган камчиликлар ва қолоқлик учун бир қанча хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарлари фаолияти танқид қилинди. Улар олдига камчиликларни бартараф этиш ва қолоқликнинг ўрнини тўлдириш, амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича объектларни ўз вақтида фойдаланишга топширишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Изоҳ (0)