Польша ва Буюк Британиянинг бир гуруҳ мутахассислари янги технология ёрдамида шол бўлган одамнинг орқа мия асаб толаларини қайта тиклашга муваффақ бўлди. Оқибатда, бемор ўзгаларнинг ёрдамисиз юриш имкониятига эга бўлди ва танасининг фалаж бўлган қисмидаги сезгилари тикланди. Бу ҳақда Cell Transplantation журналига таяниб ТАСС хабар бермоқда.
«Oпeрaция чоғида беморнинг бурнидан ҳидни аниқлаш жараёнида иштирок этувчи махсус ҳужайралар олинди, — деб хабар бермоқда BBC радиостанцияси. — Кейин, улар орқа мия асабларининг узилган жойига жойлаштирилди».
Oперация Польшанинг Вроцлав шаҳридаги тиббий марказда ўтказилди. Унда лондонлик мутахассислар иштирок этди. Бемор — 38 ёшли ўт ўчирувчи Дарек Фидика — 4 йил аввал пичоқ орқали чуқур жароҳат олган. Оқибатда танасининг пастки қисми фалаж бўлиб қолган.
«Бизнинг бу муваффақиятимиз сўнгги 40 йил ичида олиб борилган тадқиқотлар натижасидир, — деб таъкидлади операцияни ўтказган шифокорлардан бири, Жей Рейзман. — Биз орқа мия асаб толалари ўсиши ва қайта тикланиши мумкин эканлигини исботладик».
Мутахассисларнинг қайд этишича, инсоннинг бурнида жойлашган бир гуруҳ ҳужайралар ҳид ажратиш қобилиятини сақлаб туриш учун доимий равишда қайта тикланиш хусусиятига эга.
Изоҳ (0)