«Титаник» кемасининг биринчи классидаги йўловчилар овқатланган ресторан менюси кимошди савдосида 60 минг фунт стерлинг (96,5 минг АҚШ доллари) га сотилди. Бу ҳақда Англиянинг жанубидаги Уилтшир графлигида жойлашган Henry Aldridge & Son аукцион уйида савдоларни ўтказган вакилларга таяниб ТАСС хабар бермоқда.
Таъкидланишича, менюда 12 апрель санаси қайд этилган. Унда ўша куни йўловчиларга таклиф қилинган таомлар санаб ўтилган, булар тўқмоқлаб тайёрланган қўй гўшти, чўчқа гўштли инглиз пироглари, тапиокали пудинг — тропик ўсимлик илдизидан тайёрланувчи крахмал бўтқа.
Меню франциялик аёл Элиза Люретт пальтосининг чўнтагида бўлган. Аёл «Титаник»да америкалик бой оила — Спенсерларнинг оқсочи сифатида саёҳат қилган.
Аукционга Элиза Люретт ворислари оиласида сақланиб қолган пароходдаги буюмларнинг бутун коллекцияси қўйилди. Люретт ва унинг бекаси қутқарув шлюпкаларига йўл топишига ёрдам берган биринчи класс палубасининг режаси 33 минг фунт стерлинг (53 минг АҚШ доллари) га сотилди.
Лайнер жамоаси аъзоларидан бирининг буюмларни сақлаш қутичасига тегишли кичкина калит кимошди савдода 62 минг фунт стерлинг (100 минг АҚШ доллари) га сотилди. Мазкур калит «Титаник»нинг ҳалок бўлган официанти Сидни Сидьюнерига тегишли бўлган.
Муҳандис Жозеф Беллнинг хати 24 минг фунт стерлинг (39 минг АҚШ доллари) га сотилди.
Савдога «Титаник» билан боғлиқ жами 250 та буюм қўйилди.
«Мазкур аукционга қўйилган баъзи буюмлар жуда ҳам ноёб эди, — деб таъкидлади аукцион уйининг эгаси Эндрю Олдридж. – Бу Буюк Британия, шунингдек, Монако, Жанубий Америка ва АҚШдан келган кишиларда катта қизиқиш уйғотди».
Изоҳ (0)