Мамлакатимиз илм-фани оғир жудоликка учради. Физика, материалшунослик ва юқори температурали қуёш ускуналари соҳасидаги йирик олим, техника фанлари доктори, профессор, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Тўхтапўлат Рисқиев 70 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тўхтапўлат Рисқиев 1944 йилда Тошкент шаҳрида туғилди. 1970 йили Тошкент давлат университетини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти аспирантурасида таҳсил олди. 1975 йилда номзодлик, 1993 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Тўхтапўлат Рисқиев Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вазифаларида самарали меҳнат қилди.
Жонкуяр ва фидойи олим ўзининг қарийб 45 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академияси Физика-техника институти катта илмий ходими, лаборатория мудири, институт директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Фанлар академияси Материалшунослик институти бош илмий ходими каби лавозимларда ишлади. Физика-материалшунослик соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, илм-фаннинг мазкур йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига катта ҳисса қўшди.
Атоқли олим ўз шогирдлари билан биргаликда Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш мажмуаларини ривожлантириш муаммоларини илмий тадқиқ этишга салмоқли ҳисса қўшди. Унинг физика ва материалшуносликнинг назарий ҳамда амалий масалаларига бағишлаб ёзган мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум.
Заҳматкаш олим ўз фаолияти давомида жонкуяр устоз сифатида ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди.
Йирик олим, давлат ва жамоат арбоби, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тўхтапўлат Рисқиевнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.
И. Каримов, И. Собиров, Д. Тошмуҳамедова, Ш. Мирзиёев, Ш. Солиҳов
Манба: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги
Изоҳ (0)