2014 йил 15 октябрь куни «Ўзбекфильм» киностудияси қошидаги Мултипликацион фильмлар ишлаб чиқариш бирлашмаси «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан миллий кинематография тарихида илк бор «Нўхат полвон» тўлиқ метражли мултипликацион (1,5 соат) фильмини ишлаб чиқаришга киришди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Даставвал тўлиқ метражли мултфильм адабий сценарийси учун ижодий танлов шартлари ишлаб чиқилиб, матбуот ва интернет нашрларида эълон қилинди. Танловда кўплаб ижодкорлар, муаллифлар иштирок этди. Улар тақдим этган асарлар беглинганган мезонлар асосида ўрганиб чиқилди. Агентлик бадиий кенгаши қарорига биноан, таниқли ижодкор Исмоил Шомуродовнинг ўзбек халқ эртаклари асосида ёзилган «Нўхат полвон» адабий сценарийси ғолиб деб топилди. Айни пайтда мазкур адабий сценарий бўйича «Ўзбекфильм» киностудияси қошидаги мултбирлашмада тўлиқ метражли мултипликацион фильм ишлаб чиқариш қизғин давом этмоқда.
Мултбирлашма раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мавзур Маҳмудовнинг таъкидлашича, бу ишга Нозим Тўлахўжаев, Дмитрий Власов сингари таниқли режиссёрлар бошчилигидаги мултипликаторлар гуруҳи жалб этилган. Эътиборлиси, мазкур ижодий лойиҳага кўплаб истеъдодли ёш аниматор ва рассомлар ҳам жалб қилинган. Уларнинг анимация соҳасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида мултбирлашмада махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилди.
Мултфильм қаҳрамонларининг эскизлари чизилиб, тайёр ҳолатга келтирилди. Шу кунларда эса образларни жонлантириш жараёни бошлаб юборилди. Мултфильмда бир нечта қўшиқлар ҳам ўрин олади. Айни пайтда қўшиқлар матни ёзилиб, уларга куй басталанмоқда.
Енгил юмор руҳи билан йўғрилган ушбу асарда миллий эртакларнинг машҳур қаҳрамонлари бошдан кечирган ажойиб-ғаройиб воқеалар орқали ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ростгўйлик, ўзгаларга кўмак бериш сингари болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган эзгу ғоялар тараннум этилади.
«Нўхат полвон» мултфильмини катта экранларга 2015 йилда чиқариш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, «Соғлом бола йили» давлат дастурида ўзбек халқ эртаклари асосида тўлиқ метражли мултипликацион фильм ишлаб чиқариш вазифаси ҳам белгиланган эди.
Изоҳ (0)