Одесса юридик академиясининг биринчи босқич талабаси кеча ўз жонига қасд қилди: соат 16:00 атрофида йигит академия асосий корпусининг 10-қаватидан ўзини ташлаб юборди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уни вақтидан олдин ўз ҳаётини тугатишга нима мажбур этганини аниқламоқда. Бу ҳақда «Сегодня» хабар бермоқда.
Олий таълим муассаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳалок бўлган 17 ёшли йигит — Марк Волошин Фуқаролик ва хўжалик адлияси факультетининг биринчи босқич талабаси Запорожье вилоятидан бўлган.
«Унинг ўқув машғулотлари соат 13:15 да факультет корпусида тугаган. Унинг асосий бинода нима қилганлиги номаълум», — деб таъкидлади академиянинг матбуот котиби Галина Теделури. Унинг қайд этишича, маъмурият талабанинг ўқишдаги муаммолари ёки дўстлари билан мулоқотдаги қийинчиликлари тўғрисида ҳеч нима эшитмаган.
Талаба қўл ювиш хонасининг ойнасидан сакраган ва қўшни бинонинг томига йиқилган, деб хабар берди милиция ходимлари.
«Бахтсиз ҳодиса реестрга киритилди. У билан Приморье туман бўлими шуғулланмоқда. Йигитнинг ўзи шундай қарор қабул қилган ва бунда ҳеч ким айбдор эмас», — деб таъкидлади Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг раҳбари Татьяна Хмельницкая.
Изоҳ (0)