Жиззахда эридан ажрашиб, икки фарзанди билан ижара уйда яшайдиган аёлга маҳалла фаоллари ёрдам бериб, фирмага ишга жойлаштириб қўйди. Бироқ у тез орада ишдан ҳайдалди. Бунга аёлнинг қўли эгрилиги сабаб бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
Жиззахда товламачиликни касб қилган, қўни-қўшнилар билан чиқишмай урушаверган, қатор жиноятларни содир этгани учун судланиб, қамалган аёл икки фарзанднинг онаси эканлигига қарамай, фирибгарлик ишларини давом эттирди.
Хусусан, аёл Жиззах шаҳридаги автомашина бозорида зоминлик кишининг «Нексия»сини бир-икки ҳайдаб кўриб, ёқса олишини, ўзи расмийлаштиришини айтиб, керакли ҳужжатлар — фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомобиль ҳужжатларини олди. Уч-тўрт кундан сўнг, машинани харид қилмаслигини маълум қилиб, «қолдирган» гаров пулини талаб қилди. Фирибгарнинг қўлига тушганини, туҳматда қолганини англаган автомобиль эгаси шарманда бўлишдан чўчиб, 500 доллар келтириб, ҳужжатларини олиб кетди.
Эртаси куни Matiz автомашинасининг эгасини ҳам шундай алдаган аёл бу сафар сотувчига гаров сифатида «берган» 700 доллар пулини талаб қилди.
Маккор аёл навбатдаги «ролини» ижро этиш вақтида, яъни яна бир кишининг автомобилини «сотиб олиш» жараёнида товламачилик қилиб, 1,5 миллион сўм олаётганида қўлга тушди. Маълум бўлишича, у беш нафар фуқарони ана шундай йўл билан чув туширган.
Изоҳ (0)