Google, Microsoft ва Facebook каби компаниялар АҚШ махсус хизматларининг интернетни назорат қилишга уриниши хорижлик мижозлар АҚШ ахборот технологиялари компаниялари хизматларидан воз кечишига ва интернетнинг миллий ҳудудларга бўлиниб кетишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда, деб хабар бермоқда «Новый век».
Миллий хавфсизлик агентлигининг танқидчиси бўлган сенатор Рон Уайден томонидан Пало Альтода ташкиллаштирилган конференцияда йирик ИТ-компаниялар вакиллари интернетнинг миллий ҳудудларга бўлиниб кетиши охир-оқибатда ягона интернетнинг йўқолиб кетиши мумкинлигини тахмин қилган.
Google директорлар кенгаши раиси Эрик Шмидт АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг бу борадаги ҳаракатларини кескин танқид қилган. Daily Mail нашрининг хабарига кўра, Microsoft, Facebook, Dropbox каби технология компаниялари вакиллари ҳам Шмидт билан ҳамфикр эканликларини маълум қилган.
АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги текширувлари оқибатида интернетнинг тарқалиб кетиши мумкинлигини 2013 йил декабрь ойида машҳур «Касперский лабораторияси» бош эксперти Александр Гостев ҳам тахмин қилган эди. Бу жараённинг бошланиши сифатида Хитойнинг «Буюк Хитой фаерволи» тармоғи, Германиянинг давлат муассасаларида алоҳида тармоқ ўрнатиш лойиҳаси, Бразилиянинг АҚШнинкига муқобил бошқа интернет-канал ўтказиш ғояси каби мисоллар келтирилган.
Изоҳ (0)