Гарвард университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот қандли диабетнинг 1-тури билан оғриган беморларни ҳар куни инсулинни инъекция қилишдан озод этиши тахмин қилинмоқда. Қонда қандни зарур миқдорда ушлаб турадиган гормон — инсулин ишлаб чиқарувчи ҳужайраларни етиштириш имкони пайдо бўлди. Олимлар ҳатто кўчириб ўтказиш учун зарур бўлган миллионга яқин ҳужайра етиштиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Today ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Америкалик профессор Даг Мелтон 20 йилдан кўпроқ умрини қандли диабет учун дори қидиришга сарфлади. Мазкур касаллик билан унинг ўғли Сэм ҳам оғриган. Ҳозирда тадқиқот деярли ўз ниҳоясига етган. «Биз синовларни якунлашдан бир қадам ортда турибмиз», — деди профессор.
Инсулин ишлаб чиқарувчи ҳужайраларни яратишда эмбрион тана ҳужайраларидан фойдаланилади. Шунинг учун ҳам янги ҳужайралар аввалгиларига ўхшаш бўлиб, яхши ишлайди.
Айни дамда тадқиқот ҳайвонларда ўтказилмоқда. Уларнинг организмида ҳужайралар кўчириб ўтказилганидан бошлаб бир неча ой давомида инсулин ишлаб чиқарилади. Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, улар сичқонлардаги диабетни 10 кун ичида даволашга муваффақ бўлган. Биологлар яқин йилларда одамларни ҳам мазкур касалликдан фориғ қилишга умид боғламоқда.
Изоҳ (0)