«Чимён» қутқарув гуруҳи қутқарувчилари тоғ чўққисида кўричак аломатлари пайдо бўлган алпинистга ёрдам берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.
Пётр ва Светлана исмли алпинистлар чўққи сари кўтарилиб, у ерда тамадди қилиб олиш учун дам олишни ташкил этган. Ана шунда Пётр ўзини нохуш ҳис қилиб, қорнидаги кучли оғриқдан шикоят қилади. Шундан сўнг Светлана қутқарувчилардан ёрдам сўрашга мажбур бўлади.«Чимён» қутқарув гуруҳи қутқарувчиси Кенжабек Имоналиевнинг сўзларига кўра, фавқулодда ҳолат тўғрисидаги хабар 19:45 да келиб тушган (Gazeta.uz’нинг қайд этишича, айнан қайси кунлиги кўрсатилмаган). Бу орада Бўстонлиқ тумани ФВБга хабар берилиб, қутқарув станциясига туман шифохонасидан «Тез ёрдам» хизматини чақиртириш кераклиги ҳақида маълум қилинган.
Қутқарувчилар Кенжабек Имоналиев, Салимбек Талибаев, Ўрозмат Эрматов ҳамда «Тез ёрдам» хизматидан бир нафар фелдшер барча қутқарув асбоб-анжомларини олиб, чўққи томон кўтарила бошлаган.
Ўша тунда қутқарувчилар ва фелдшер 7,5 километр йўл босиб ўтган. Чўққига чиқиб, алпинистлар чодирини топиб, қутқарувчилар Пётрда кўричак аломатлари борлигини тахмин қилган. Пётр кўздан кечирилганидан сўнг, уни замбилга ётқизиб, чўққи бўйлаб пастга олиб тушилди. Шундан сўнг уни «Тез ёрдам» машинасига ўтказиб шифохонага жўнатилди.
«Пётрнинг аҳволи билан қизиққанимизда, ҳозирда унинг аҳволи яхшилиги ва тиббиёт ходимларининг назорати остида эканлиги маълум қилинди», – дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)