Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида шахмат бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Мусобақалар швейцарча тизимда ўтказилиб, 13 турдан иборат бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Мазкур дунё биринчилигида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шамсиддин Воҳидов биринчи турда Рао Прасанна (Ҳиндистон) билан дуранг натижани қайд этиб, иккинчи турда озарбайжонлик Нажот Абасовга, учинчи турда эса Швеция вакили Линус Йоханссонга имкониятни бой берди.
Шамсиддин бугун тўртинчи турда ҳиндистонлик Мануш Шахга қарши дона суради. Дастлабки уч тур ўйинларининг якунларига кўра, ҳар икки спортчи ҳисобида ҳам 0,5 тадан очко мавжуд.
Хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этаётган яна бир Ўзбекистон вакили Сарвиноз Қурбонбоева бугун ўтказиладиган тўртинчи турда ҳиндистонлик Хиндужа Редди билан куч синашади.
Ҳозирда Сарвиноз ҳисобида уч тур ўйинларининг якунига кўра, бир очко бор. Сирдарёлик шахматчи қиз биринчи турда Жессика Бенгцсон (Швеция) ва учинчи турда Бала Каннамма (Ҳиндистон) билан дуранг натижани қайд этиб, иккинчи турда Клаудиа Мунос (АҚШ)га имкониятни бой берди.
Маълумот учун, мазкур жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги мусобақаларда 47 давлатдан жами 138 нафар (шундан 18 нафари халқаро гроссмейстер, 21 нафари эса халқаро мастер) спортчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. Хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган мусобақада 30 давлатдан 77 нафар спортчи (шундан тўрт нафари халқаро гроссмейстер – 13 нафари халқаро мастер) иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)