«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Жамият ва оила: маънавий ва ахлоқий олам» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.
Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари мамлакат Оила кодексининг асосий қоидаларини билади, жумладан, никоҳ шартномасига оид маълумотлардан яхши хабардордир.
Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти никоҳни ФҲДЁда қайд этиш шарт, деб ҳисоблайди. Бу тузилаётган оиланинг ҳуқуқий асоси бўлиб, эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини мустаҳкамлайди. Ушбу фикрни айнан қанча аҳоли қўллаб-қувватлагани, яна қанча аҳоли бу фикрга қўшилмаган ЎзА ахборотида фоиз кўрсаткичларида кўрсатилмаган.
Ижтимоий сўров ёши катталар ва ота-оналарни ҳурмат қилиш Ўзбекистон жамиятида мустаҳкам қарор топган анъанавий қадрият эканини яна бир бор тасдиқлади. «Ижтимоий фикр»нинг қайд этишича, ёшлар оила қуришда ота-она дуосини олиш зарурлигига қатъий ишонади.
«Сўров иштирокчилари ўзбек оиласи — бу аҳил ва меҳнатсевар оила бўлиб, меҳмондўстлик, болаларга меҳрибонлик, ғамхўрлик кўрсатиш унга хос фазилат экани ва бу борада ёши катта авлод вакиллари муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Уларнинг фикрича, замонавий оиладаги ўзаро муносабатлар меҳр-муҳаббат, бир-бирини тушуниш ва ўзаро ҳурмат асосида қурилади», — деб ёзади ЎзА.
Маълумот учун, тадқиқотнинг асосий мақсади оила ва никоҳ масаласида жамоатчилик фикрида мустаҳкам шаклланган муҳим тенденцияларни, Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий мақсад ва йўналишлари тизимини аниқлашдан иборат бўлди.
Эслатиб ўтамиз, сўров иштирокчилари йигитлар 25-26 ва қизлар 21-23 ёшда турмуш қуриши керак деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)