АҚШнинг Делавер штатидага Селбивиль шаҳрида 4 ёшли қизча болалар боғчасига ўзи билан 200 дозадан кўпроқ героин олиб келди, деб хабар бермоқда Korrespondent.net.
Болалар боғчасининг 4 ёшли тарбияланувчиси ўз рюкзагида оқ кукун тўлдирилган халтачаларни кўриб қолган ва уларни ширинлик деб ўйлаб, ўртоқлари билан бўлиша бошлаган. Буни пайқаган тарбиячилар «тортиқлар»ни олиб қўйган ҳамда полиция ва тез ёрдамни чақирган.
Полиция ходимлари халтачалардаги модда героин эканлигини аниқлаган. Қизча жами 249 та халтача олиб келган бўлиб, уларда 3,735 грамм героин бўлган. Боғча тарбияланувчиларидан бирортаси халтачаларни очишга улгурмаган.
Дастлабки текширувларда маълум бўлишича, бир кун аввал қизчанинг сумкасини уйдаги ити яроқсиз ҳолга келтириб қўйган. Онаси унга берган бошқа рюкзакда гиёҳванд модда сақланган. Полиция аёлни қўлга олган ва унга нисбатан гиёҳванд моддаларни сақлаш ҳамда ёш болалар соғлиғига хавф солиш бўйича айбловлар қўйилган. Айни пайтда у 6000 долларлик гаров пули эвазига озод қилинган бўлса ҳам, 11, 9 ва 4 ёшдаги уч фарзанди билан кўришиш тақиқлаб қўйилган.
Изоҳ (0)