Тошкентда 7-Халқаро фотобиеннале доирасида 5 ёшдан 78 ёшгача бўлган замондошларнинг портретлари жамланган «Илҳомбахш ҳаёт» номли эксклюзив фотокўргазма ташкил этилади. Бу ҳақда кўргазма ташкилотчилари «Кун»га маълум қилди.
Фотокўргазма спорт билан шуғулланаётган исталган ёш, мақом, касб ва қизиқишдаги инсонларнинг ҳар тарафлама гўзаллигини намойиш этиб, фаол турмуш тарзи фалсафасини ўзида акс эттиради. Кўргазма кенг жамоатчилик учун учун 9—20 октябрь кунлари «Дархон» бизнес-марказида бўлиб ўтади.
Лойиҳа кўплаб машҳур ва фаол шахсларни жамоатчилик учун номаълум бўлган жиҳатдан намойиш этади. Ёга билан шуғулланаётган машҳур хонанда аёл, арм-рестлингда куч синашаётган машҳур телебошловчилар, оғир атлетикага қизиқувчи бизнесмен, гимнастика борасидаги кўникмаларини ҳар куни ошириб борадиган беш ёшли қизалоқ — бу кўргазмада тақдим этиладиган кўплаб образларнинг бир қисми, холос.
Кўргазма муаллифлари — Муҳиддин Али ва Динара Д. ижодий жуфтлиги инсон танаси имкониятларини кадрга муҳрлашга интилган. Айни вақтда, бунда профессионал спортчилар эмас, балки ўз ҳаётини спорт билан бир мувозанатга қўйиш учун вақт топа олган турфа инсонлар танлаб олинган. Уларнинг портретларидан шундай ғоя келиб чиқади: қайси ёшда бўлишига қарамасдан, спорт инсонни яшаш ва ижод қилишга, энг яхши нарсаларга интилишга ва ҳам жисмоний, ҳам маънан кучли бўлишга илҳомлантиради.
Портретлардаги инсонларнинг ҳар бири учун спорт — бу ўзига хос индивидуал аҳамиятга эга бўлган бир фалсафадир. Уларнинг фотосуратлари кишини атлетик ютуқларга эришишга ундайди. Мамлакатда соғлом турмуш тарзи олиб боришга катта аҳамият берилаётгани, шунингдек, жамиятда «спорт модаси» кузатилаётганидан келиб чиқиб, кўргазма спорт қандай қилиб ҳаётни, инсонни ўзгартириши мумкинлиги, имкониятларни кенгайтиришини намойиш этади.
Кўргазма суратларини олиш ишлари Тошкентдаги Ozone фитнес-клубида, шунингдек, очиқ осмон остидаги стадион ва спорт мажмуаларида олиб борилган. Кўргазманинг очилиши маросимида «Дархон» бизнес маркази, La Saveur ресторани ва Yasmina Tour сайёҳлик компанияси ҳомийлик кўмагини кўрсатади.
2014 йилги Тошкент Халқаро фотобиенналеси 6-12 октябрь кунлари Тошкент ва Бухоронинг барча галерея ва кўргазма майдончаларида ўтказилади. Лойиҳа доирасида халқаро кўргазмалар ва «Соғлом бола йили»га бағишлаб «Болалик ҳудуди» номли халқаро танловлар ўтказиш, ижодий муҳокамалар ва маҳорат дарсларини ташкил қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳада иштирок этиш учун Ўзбекистонга 50 га яқин нуфузли халқаро фотосуратчилар, кураторлар, санъат, маданият олами вакиллари, санъацҳунослар ва шарҳловчилар ташриф буюради. Улар орасида Антонио Мора (Испания), Франк Родель (Германия), Тим Флак (Буюк Британия), Эммануэль Космо (Италия), Ив Форестье (Франция) ва бошқа шу каби замонавий фотография афсоналари ҳам бўлади.
Тошкент Халқаро фотобиенналеси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идоралари кўмаги билан Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Тасвирий санъат галереяси, Bonum Factum галереяси томондан ташкил этилмоқда.
Изоҳ (0)