Бугун Инчеонда давом этаётган Осиё ўйинларининг каратэ мусобақаси бошланди. 75 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ғофуржон Зоҳидов дастлаб нимчорак финалда эронлик Сефатазгоми Хассанипурга 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Рақиби финалга йўл олгани сабабли Ўзбекистон вакили мусобақанинг бронза медали учун курашни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлди. Саралашда ветнамлик Хо Дин Тхуанни 5:3 ҳисобида мағлуб этган Ғофуржон бронза медаль учун жангда Саудия Арабистони вакили Бадр Ал Отаибини 8:0 ҳисобида таслим этди.
Шу тариқа, Зоҳидов Ўзбекистон ҳисобига 36-медални қўшиб қўйди. Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида саккизта олтин, 11 та кумуш ва 17 та бронза медаль бор. Ўзбекистон умумий рейтингда 10-ўринда бормоқда.
Изоҳ (0)