Вазият ўта жиддий ҳолатда ривожланса, 2015 йил январининг якунига қадар Эбола вирусини юқтирганлар сони 1,4 миллионгача етиши мумкин. АҚШнинг Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги ҳузуридаги касалликлар назорати ва профилактикаси бўйича марказ мутахассислари шундай хулосага келди, деб хабар бермоқда «Сегодня».
Ҳужжатда қайд этилишича, Эбола вирусини юқтирганларнинг ҳақиқий миқдори Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган кўрсаткичдан тахминан 2,5 баробар кўпни ташкил этади. Ташкилот берган сўнгги маълумотларга кўра, Эбола безгаги қурбонлари сони Ғарбий Африкада 2,8 мингга етган, яна 5,8 минг киши эса вирусни юқтириб олган. Бироқ АҚШнинг касалликлар назорати ва профилактикаси бўйича маркази вирусни юқтирганлар сони 20 минг кишига тенглиги ҳақида хабар бермоқда.
Аввалроқ АҚШнинг касалликлар назорати ва профилактикаси бўйича маркази Эбола вирусини юқтирганлар сони 2015 йил январининг якунига қадар 550 минг кишига етиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Марказнинг сўнгги баённомасида эса тез тарқалаётган вирус туфайли тўрт ойдан сўнг, аниқроғи, январь ойининг сўнгида Эбола вирусини юқтирганлар сони 1,4 миллионга етиши ҳақида хабар берилди.
Маълум бўлишича, касаллик билан оғриган деярли барча аҳоли уч давлат — Либерия, Сьерра-Леоне ва Гвинеяда истиқомат қилади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, вирусни йўқотиш учун бир миллиард доллар атрофида маблағ ажратиш лозим.
Сўнгги кунларда олимлар олдида янги хавотир пайдо бўлди. Улар вирус ўзгариб, нафақат беморларнинг қони ва сўлаги орқали, балки ҳаво-томчи йўли билан ҳам тарқалишидан хавфсирамоқда.
Изоҳ (0)