Эбола вирусини юқтирганлар сони 2015 йил январининг якунига қадар 550 минг кишига етиши мумкин. Bloomberg агентлигининг қайд этишича, АҚШнинг касалликлар назорати ва профилактикаси бўйича маркази шундай хулосага келган. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Марказнинг мазкур статистик маълумотлар ўз аксини топадиган баёноти келаси ҳафта эълон қилинади. Америкалик мутахассисларнинг фикрича, агар Эбола вируси билан юзага келаётган касаллик тарқалишини ушлаб туришнинг фавқулодда чоралари кўрилмаса, уни юқтириб олганлар миқдори тўрт ойдан сўнг бир неча юз мингга етиши мумкин.
Жума куни журналистлар учун ўтказилган брифингда Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест мазкур прогнозни изоҳлар экан, «Ғарбий Африка давлатларининг соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун жиддий ёрдам бериш зарурияти ҳақиқатдан ҳам бор»лигини таъкидлади.
«Шунинг учун ҳам президентимиз мутахассисларнинг тахминий маълумотларига таянган ҳолда жорий ҳафта Атлантадаги касалликлар назорати ва профилактикаси бўйича марказда баёнот бериб, амалга оширилиши мумкин бўлган барча қадамларни тезкорлик билан бажариб, ҳалокатли оқибатларга йўл қўймасликка чақирди», — деди Оқ уйнинг матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафтада АҚШ президенти Барак Обама Ғарбий Африкага Эбола вирусига қарши курашиш учун 3000 нафар ҳарбий жўнатишини маълум қилди.
Изоҳ (0)