Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган XVII ёзги Осиё ўйинларида бугунга қадар фақатгина футбол бўйича гуруҳ баҳсларига старт берилган эди. Бугун Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган қолган спорт турлари бўйича биринчи кунги баҳслар бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Мусобақаларнинг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон делегацияси ҳисоби дастлабки бронза медали билан бойиди. Оғир атлетика бўйича бўлган хотин-қизлар мусобақаси (-48 кг)да Маҳлиё Тоғаева даст кўтаришда 85 килограмм, силтаб кўтаришда эса 106 килограмм, иккикураш якунларига кўра, жами 187 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди.
«Албатта, бундай йирик спорт ўйинларида делегациямиз ҳисобига биринчи бўлиб медаль келтирганимдан жуда ҳам хурсандман, — деди Маҳлиё Тоғаева. Мусобақалар ўта кучли рақобат остида кечди. Ҳатто олимпиада ўйинларида совриндор бўлган спортчилар ҳам якунда медалсиз қолди. Ҳар қандай спорт турида ҳам янгидан-янги номларни чиқиши ўша спорт турининг фақат ривожи учун хизмат қилади. Аслида кучли рақобат остида курашиш ҳар бир спортчига ўзига завқ бағишлайди. Бугунги мусобақалар ўйлайманки, мухлисларга ҳам манзур бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, бўлажак мусобақаларда барча юртдошларимизга омад ва зафарлар тиламоқчиман».
Ушбу мусобақаларда кумуш медалга сазовор бўлган ҳиндистонлик Agustiani Sri Wanyuni ҳам умумий 187 килограмм натижани қайд этди. Маълумки, оғир атлетика спорт турида бундай вазиятда қай бир спортчининг шахсий вазни енгилроқ бўлса, ўша спортчи юқори ўринга сазовор бўлади. Ушбу спортчиларнинг шахсий вазнлари бўйича ҳиндистон вакили 200 грамм енгил эканлиги маълум қилинди ва унга кумуш медаль топширилди. Осиё ўйинлари ғолиблиги эса қозоғистонлик Маргарита Елесеевага насиб этди. Маргарита даст кўтаришда 88 килограмм, силтаб кўтаришда 106 килограмм натижани қайд этиб, энг яқин та’қибчиларидан 7 килограммга ўзиб кетди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Олимпиада ўйинлари ғолиби Tian Yuan (Хитой) 11-ўринни, олимпиада ўйинлари совриндорлари Paek llnwa (КХДР) ҳамда Khamsri Panida (Таиланд) мос равишда бешинчи ва олтинчи ўринларни банд этди.