Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасига рақиблик қилиши лозим бўлган БАА U-19 терма жамоаси яқинда Дубайда халқаро мусобақада майдонга тушди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
БАА U-19 терма жамоаси Дубайдаги халқаро мусобақада Озарбайжонга қарши майдонга тушди ва 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Мусобақадаги яна бир ўйинда Уммон ёшлари Албания терма жамоасига 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, БАА терма жамоаси устози Абдулла Мусраф бу мусобақага барча футболчиларни жамлай олмади. Гап шундаки, кенгайтирилган таркибдаги 23 нафар футболчи ҳарбий хизмат ўташ учун чақирилган бўлиб, улар Осиё чемпионатида ҳам иштирок эта олмайди.
Мураббийнинг ўзи бунга қуйидагича изоҳ билдирган: «Биз барчамиз миллат аскарларимиз ва унинг ихтиёридамиз. Мен футболчиларни миллий бурчини бажаришга чақирдим. Мен ўз бурчини бажараётган футболчиларим билан ҳам, Мянмада ўтадиган Осиё чемпионатида миллат шарафини ҳимоя қиладиганлари билан ҳам бирдек фахрланаман».
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатида Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари «B» гуруҳида иштирок этади. Гуруҳда, шунингдек, Австралия ва Индонезия терма жамоалари ҳам бор.
Маълумот учун, қитъа биринчилиги октябрь ойида Мянма давлатида ўтказилиши лозим.
Изоҳ (0)